Бугун Ҳамдўстлик кубогида гуруҳ босқичининг 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Қувонарли томони шундаки, "Бунёдкор” муддатидан аввал чорак финал йўлланмасини ҳал қилиб бўлди. Фақат гуруҳда нечанчи ўринни аниқлаш вазифаси қолди, холос.
Бугунги маколамиз орқали "Бунёдкор”нинг Ҳамдўстлик кубогидаги имкониятлари, кейинги босқичларда ким билан дуч келиши мумкинлиги ҳақида суҳбатлашамиз. Ўйлайманки, ушбу мусобақага бошқа давлатларда қизиқиш пасайиб кетаётган пайтда, ўзбек футбол мухлисларининг Ҳамдўстлик кубогини чуқурроқ назар билан кузатишларига фойда беради.
Мусобақа тақвимига кўра, гуруҳи ғолиби чорак финалда "С” гуруҳида 2-ўринни эгаллаган жамоа билан куч синашса, ва аксинча, «D» гуруҳида 2-ўринни олган клуб "С” гуруҳи ғолиби билан ўйнайди. Сўнгги тур олдидан бу гуруҳлардаги вазият қуйидагича:
№ | "С” ГУРУҲИ | Ў | Ю | Д | М | Т-Н | Очко |
1 | ДИНАМО (Киев, Украина) | 2 | 2 | 0 | 0 | 2-0 | 6 |
2 | Россия клублар т.ж. | 2 | 1 | 0 | 1 | 4-3 | 3 |
3 | МТТУ (Туркманистан) | 2 | 1 | 0 | 1 | 5-5 | 3 |
4 | ЛЕВАДИЯ (Эстония) | 2 | 0 | 0 | 2 | 1-4 | 0 |
3-тур ўйинлари. 19 январь, сешанба.
МТТУ (Туркманистан) - Динамо (Киев, Украина). 17.00
Россия клублар терма жамоаси - Левадия (Эстония) 17.00
№ | "D” ГУРУҲИ | Ў | Ю | Д | M | Т-Н | Очко |
1 | БУНЁДКОР (Ўзбекистон) | 2 | 2 | 0 | 0 | 4-2 | 6 |
2 | ЭКРАНАС (Литва) | 2 | 1 | 1 | 0 | 2-0 | 4 |
3 | ДАЧИЯ (Молдова) | 2 | 0 | 1 | 1 | 0-1 | 1 |
4 | ПЮНИК (Арманистон) | 2 | 0 | 0 | 2 | 2-5 | 0 |
3-тур ўйинлари. 19 январь, сешанба.
Пюник (Арманистон) - Дачия (Молдова) 19.00
Бунёдкор (Ўзбекистон) - Экранас (Литва) 19.00
Умуман олганда, "С” гуруҳи мусобақадаги энг кучсиз гуруҳлардан бири ҳисобланади. Буни "Динамо” (Киев) ёшларининг дастлабки 2 та турда Россия клублар терма жамоаси ва Эстония чемпиони — "Левадия”ни мағлуб этганидан ҳам билиб олса бўлади. "Бунёдкор”нинг ҳозирги таркиби "С” гуруҳининг ҳеч бир вакилидан кучсиз эмас. Эътибор бератган бўлсангиз, ушбу мусобақада кўпроқ жисмоний жиҳатдан кучли бўлган ва чизиқлар бўйича яхши шаклланган жамоалар ғалаба қозонишмоқда. Айнан "Динамо” ёшлари ўзаро бир-бирларини тушунишлари бўйича яхши шаклланган ва мавсумга эртароқ тайёргарликни бошлаб, жисмоний ҳолатини маромига етказга жамоа ҳисобланади. "Бунёдкор”да ҳам деярли шунга ўхшаш ҳолат. Бугун "Динамо” ёшлари Туркманистоннинг МТТУ клуби билан майдонга тушишини инобатга олсак, киевликларнинг имкониятини юқори баҳолаш мумкин. Умуман олганда, ушбу ўйинда қайд этиладиган дуранг ҳам "Динамо” футболчиларини гуруҳ ғолибига айлантиради. Ушбу гуруҳда 2-ўрин ё Россия клублар терма жамоасига, ёки МТТУга насиб этади.
Назаримда, "Бунёдкор” бугун "Экранас” билан камида дуранг ўйнаб, гуруҳ ғолиблигини қўлга киритишга ҳаракат қилгани маъқул. Агар унинг чорак финалдаги рақиб МТТУ бўлса, ундан ҳам яхши бўлади. Бошқа жамоаларга паст назар билан қараш яхши эмасу, аммо рақиб туркманистонлик футболчилар бўлса, "қалдирғочлар”нинг ярим финалга чиқиши бир мунча осонрок бўларди. Ҳар ҳолда Россия клублар терма жамоасининг ўйиндан ўйинга кучайиб боришини тахмин қилиш қийин эмас. Эстониянинг "Левадия”сида ҳам озгина имконият бору, аммо у тўлалигича ўзининг қўлида эмас.
Бугун "С” гуруҳи вакиллари "D” гуруҳи клубларига қараганда 2 соат олдинроқ спорт манежига чиқишади ва "D” гуруҳи вакиллари майдонга тушиб келишаётганида "С” гуруҳидан қайси жамоалар чорак финалга чиққани маълум бўлади. Демак, бугун 19.00 да "Бунёдкор” "Экранас”га қарши майдонга тушади ва бу ўйин олдидан Ҳикмат Эргашев тахминан чорак финалда ким билан ўйнаш мумкинлиги ҳақида мулоҳаза қилиб олишга улгуради.
"Бунёдкор” ҳозирча бизни хурсанд қилишда давом этмоқда. Вакилларимизнинг камида ярим финалгача етиб боришини кутиб қоламиз. Ким билади дейсиз, "иштаҳа танаввул пайтида келади” деганларидек, Кубок яна бир марта Тошкентга ташриф буюрар... Нимага энди бундай бўлмаслиги керак?!
Олимхўжа БЎРОНОВ
P.S. Мобил телефонингиз орқали UFF сўзини 8881 рақамига бир марта юбориш орқали Ҳамдўстлик кубоги мсобақасининг сўнггига қадар барча ўйинларнинг натижасини тўғридан-тўғри билиб туриш имкониятига эга бўласиз. Бир марталик (бир ҳафта) обуна баҳоси барча уяли алоқа компаниялари абонентлари учун — 1,2$.
P.S.S. "Бунёдкор” матбуот хизмати бошлиғи Аброр Имомхўжаевнинг бизга хабар беришича, Россия клублар терма жамоаси Ҳамдўстлик кубоги мусобақасида конкурсдан ташқари иштирок этаётгани боис, Динамо” (Киев) ва МТТУ жамоалари чорак финал йўлланмасини йўлга киритиб бўлишган. Бу ҳақда Россия футбол иттифоқи рамий сайтида ҳам хабар берилган. Демак, бугун "Бунёдкор” ижобий натижа қайд этса (ғалаб ёки дуранг), чорак финалда МТТУ билан ўйнайди.
Manba ll.uz dan olingan